Jump to content

Бадахшон

From Vikipediya
Бадахшон ўлкаси

Бадахшон (тожикча: Бадахшон; форсча: بدخشان) – тарихий ва табиий ўлка. Амударёнинг юқори оқимида, дарёнинг ҳар-иккала соҳилида жойлашган. Ҳудуди бутунлай тоғлар билан қопланган.

Бадахшон Помир тоғларининг бир қисми бўлиб, икки ўлкадан иборат: 1) Ғарбий Помирни ишғол қилган Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти (Тожикистон Республикаси); 2. Шимоли-шарқий Афғонистонни ишғол қилган катта ўлка. Бадахшон қадимдан савдо маркази бўлиб, четга лаъл, ёқут ва зумрад чиқарган. Лаълни бадахш ёки балахш деб юритганлар. Бадахшон топоними шундан олинган бўлиши эҳтимол. Милоддан аввалги 2-асрда Бадахшон Тоҳаристонга, сўнг Кушон подшолигига тобе бўлган. 5–6-асрларда эфталитлар, 8-асрда араблар, 12-асрнинг 2-ярмида ғурийлар, 13-асрнинг 1-чорагидан мўғуллар қўл остида бўлган. Бадахшонда 15–16-асрларда темурийлар ҳукмронлик қилган. 1520-йил Бобур Бадахшонни ўғли Ҳумоюнга топширди. 1584-йил Бадахшонни Абдуллахон ИИ эгаллаган. 17-асрда аштархонийлар, кейинроқ Даҳбед (Самарқанд) саййидларидан Мир Ёрбек (1656– 1706) асос солган сулола ҳукмронлик қилди. Мир Ёрбек Бадахшоннинг пойтахти Файзобод (Жузғун) шаҳрига асос солган. Бадахшонда 18–19-асрларда ҳукмронлик Қундуз бекларига ўтган. 1872-йилда тузилган рус-инглиз аҳдномасига мувофиқ Бухоро хонлиги билан Афғонистоннинг Бадахшондаги чегараси Панж дарёси деб ҳисобланди. 1873-йил Афғонистон хони Дўстмуҳаммадхон Бадахшонни ўз давлатига қўшиб олган (яна қаранг Афғонистон).

Аҳолиси

[edit | edit source]

Бадахшон ўлкаси аҳолисининг асосий қисмини, яъни тахминан 70 фоизини тожиклар ташкил этади. Бадахшоннинг Тожикистонга тегишли ҳудудида ушбу тожиклар тожик тилида, Афғонистонга тегишли ҳудудида эса дарий тилида сўзлашишади. Шунингдек ушбу ўлкада жуда кўп турли Помир халқлари истиқомат қилади. Оз миқдорда пуштунлар, ўзбеклар ва қирғизлар мавжуд. Аҳоли диндорларининг асосий қисми мусулмонлардир. Тожиклар, ўзбеклар, қирғизлар ва пуштунлар орасида ислом дининг асосан суннийлик мазҳаби кенг тарқалган. Помир халқлари орасида асосан шиа мазҳабининг исмоилийлик йўналиши, баъзилари орасида зардуштийлик дини тарқатган[1].

Манбалар

[edit | edit source]
  1. "Бадахшон" ЎзМЕ. Б-ҳарфи Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил