Комедия
Комедия (юн. κωμωδία, κῶμος — Дионис шарафига байрам ва ἀοιδή — „ашула“, „қўшиқ“) санъат жанри бўлиб, ундаги асарларда мутойиба ва сатира унсурлари кенг ишлатилади.
Комедия — ҳодиса, воқеа ва хусусиятлар кулгили кўрсатилган драма тури. Комедияда ижтимоий ҳаётдаги нуқсонлар, кишиларнинг онги ва ҳарактеридаги ярамас хусусиятлар кулги воситаси билан танқид этилади, жамият ҳаётидаги эскириб қолган ҳодисаларга зарба берилади. Ҳаётнинг ривожланиш қонуни олдида умри тугаган нарсалар, сарқитлар кулгили аҳволга тушиб қолади. Буларни қаламга олиш орқали комедия яратилади.
Комедия Юнонистонда худо Дионис шарафига ўтказилган халқ байрамларида пайдо бўлган. Ёрқин сиёсий комедиялар яратган Аристофан (милоддан аввалги 5—4-асрлар) комедиянинг „отаси“ ҳисобланади. Кдс. Римда (милоддан аввалги 3—2-асрлар) Плавт ва Теренсий атокли комедиячилар бўлишган. Уйғониш даври Европа адабиётида В.Шекспир ва бошқа Жонсон (Англия), Лопе де Вега (Испания) комедиялари катта ўрин тутади. 17—18-асрларда комедияда реалистик майлларнинг кучайишида Ж.Б.Молер ва П.Бомарше (Франсия), К.Голдони (Италия), Г.Лессинг (Германия), Р.Шеридан (Англия) ижоди қўл келди. Комедиянинг 19—20-асрлардаги ривожи Б.Шоу, Б.Брехт, Ш.ЎКейси, Б.Нушич, Ж.Анут, Н.Гогол ва бошқа ижоди билан боғлиқ.
Ўзбек адабиётида Европа адабиёти андозасидаги комедиялар 20-асрда пайдо бўлди. Бу жанр тараққиётига-Ҳамза („Майсаранинг иши“), Абдулла Қаҳҳор („Тобутдан товуш“), Сайд Аҳмад („Келинлар қўзғолони“), Эркин Воҳидов („Олтин девор“), Ҳамид Ғулом („Тошболта ошиқ“), Баҳром Раҳмонов („Сурмахон“), Шароф Бошбеков („Темир хотин“) ва бошқа муносиб ҳисса қўшдилар.
Комедиянинг ҳар хил турлари бор. Воқеалар чалкашлиги туфайли томошабинда кулги туғдирадиган (В. Шекспирнинг „Хатолар комедияси“), қаҳрамонлар кулгили ҳолатларга тушган (Ҳамза, „Майсаранинг иши“), кишилар ҳарактеридаги бемаъни хусусиятлар кулгили қилиб кўрсатилган (Молер, „Тартюф“; А.Қахлор, „Аяжонларим“; Э.Воҳидов, „Олтин девор“) комедиялар мавжуд. Шунингдек, комедиялар кулгининг тавсифига кўра, сатирик (воқелик, шахслар сатира қамчиси остида ғазаб-нафрат уйғотадиган, заҳархандали қилиб ифодаланган — Н.Гогол, „Ревизор“, А.Қаҳҳор, „Тобутдан товуш“), юмористик комедия (воқелик, шахсларнинг айрим жиҳатлари беозор кулги туғдирадиган комедия — Гоцси, „Маликаи Турандот“, Саид Аҳмад, „Келинлар қўзғолони“, Ҳамид Ғулом, „Тошболта ошиқ“) ва трагикомедия (трагик ва комик ҳолатлар мужассамлашган — Р.Муҳаммаджонов, „Суюнчи“ филми) турларига бўлинади. 20-асрда комедиянинг трагикомедия (Л.Пиранделло, Ж.Ануй), трагифарс (Э.Ионеско) жанр шакллари майдонга келди.
Адабиётлар
[edit | edit source]- Фе д Н. Б., Искусство комедии, или Мир сквоз смех, М, 1978.[1]
Яна қаранг
[edit | edit source]Манбалар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |