Владимир
Владимир — Россия Федерациясидаги шаҳар, Владимир вилоятининг маркази. Клязма дарёсининг чап соҳилида. Темир йўл ва автомобил йўллари тугуни. Аҳолиси 356 минг кишидан зиёд (1999). Шаҳар саноатида машинасозлик ("Владимир трактор заводи", "Автоприбор", "Электроприбор", электр мотори ва бошқа ишлаб чиқариш бирлашмалари) етакчи ўринда. Кимё саноати ривожланган (синтетик смола, пластмасса ва пластмасса буюмлари). Қурилиш материаллари, тикувчилик ва трикотаж буюмлари, озиқ-овқат саноати корхоналари, иссиқлик электр маркази бор. В. 1108 йилда княз Владимир Всеволодович Мономах томонидан Ростов-Суздал князлигини химоя қилувчи қалъа сифатида барпо этилган. В.да "Олтин дарвоза" (1158— 64), Успение (1158—60) ва Дмитриев (1194—97) соборлари сақланган. Политехника ва педагогика институтлари, 11 махсус ўрта ўқув юрти, 2 театр, Владимир-Суздал тарихий меъморий ва бадиий музейқўриқхона бор.
Адабиётлар
[edit | edit source]- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил