Jump to content

Касалхона

From Vikipediya
Касалхона (Бразилия)

Касалхона — беморларни ётқизиб даволайдиган муассаса. Поликлиника билан бирлаштирилган касалхоналар беморларни поликлиникада ва уйда тиббий ёрдамнинг барча турлари билан даволайдиган даволаш-профилактика муассасаси ҳисобланади; поликлиника билан бирлаштирилмаган касалхона фақат стационарда даволайди. Иш ҳажми ва маъмурий бўлинишига кўра, республика, вилоят (ўлка), шаҳар, туман ва участка касалхоналари фарқ қилинади. Кўп соҳали (турли хил ихтисосликлари бўйича бўлимлари бор) ва ихтисослашган (сил, юқумли, руҳий, офталмологик ва б.) касалхоналар бўлиб, булар мазкур касаллик бўйича малакали ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатади. 14 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган болалар касалхонаси ҳам кўп соҳали ва ихтисослашган касалхоналарга бўлинади. Тиббиёт институти ёки илмий тадқиқот институтининг базаси ҳисобланган касалхона клиник касалхона деб аталади. Бундан ташқари, аҳолига касбига қараб хизмат қиладиган темир йўл транспорта касалхонаси, сув хўжалиги ходимлари касалхонаси ва бошқа касалхоналар бўлади. Касалхонада беморни врач кўздан кечирадиган, ҳужжатлар расмийлаштириладиган қабулхона, зарур санитария-гигиена чоралари амалга ошириладиган хоналар, даволаш бўлимлари (жарроҳлик, терапия ва б.), даволашдиагностика бўлимлари (рентгенология, физиотерапия); лабораториялар, дорихона, ошхона, маъмурий-хўжалик бўлимлари ва бошқалар бўлади. Бирлашган касалхонага, бундан ташқари, поликлиника ҳам киради. Касалхонани бош врач бошқаради, беморлар даволанадиган ихтисослашган бўлимга эса шу ихтисослик бўйича малакали врач мудирлик қилади. Бирлашган касалхонанинг бўлим мудири поликлиникадаги тегишли бўлимга ҳам раҳбар бўлиши мумкин. Ходимлар сони касалхонадаги ўринлар сонига боғлиқ. Касалхоналарнинг тузилиши ва функсияси, шунингдек, унда ишлайдиган тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқалар ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тавсия этилган махсус давлат меъёрнормалари, йўриқнома ва кўрсатмаларига амал қилган ҳолда олиб борилади.

Ҳозирги Ўзбекистан ҳудудида қадимда ҳам касалхонага ўхшаш даволаш масканлари мавжуд бўлган. Амир Темур бошқа мамлакатларнинг машҳур табибларини пойтахт Самарқандга олиб келиб, махсус шифохоналар очган. Мовароуннаҳр ва Хуросонда шифохоналар учун алоҳида бинолар қурилган. Шифохоналар очишга Алишер Навоий ҳам катта аҳамият берган. Туркистоннинг баъзи вилоятларида махсус шифохоналар бўлгани манбаларда қайд этилган. Туркистон чор Россияси томонидан босиб олинганидан кейин ўлкада Ғарбга хос тиббий муассасалар вужудга келган. Бунга қадар маҳаллий аҳоли халқ табобати (табиблар, шикастбандлар)дан фойдаланган. Тошкентда биринчи даволаш муассасаси 1868-йил ҳарбий гарнизон қошида очилган лазарет бўлиб, у 1869-йил ҳарбий госпиталга айлантирилган. Кейинчалик Самарқандда (1872), Хивада (1872), Бухорода (1891) кичикроқ касалхоналар ишга туширилган. 1883-йил охирида Тошкентда аёллар ва болалар учун биринчи амбулатория-шифохона очилган. 1903-йил Янги шаҳар касалхонаси қурилган. 1913-йил Эски шаҳар касалхонаси (ҳозирги 1-шаҳар клиник касалхонаси) иш бошлаган. 1916-йил темир йўл ходимлари учун махсус касалхона қурилган. 1918-йил собиқ кадетлар корпуси биносида касалхона (ҳозирги 1-Тошкент тиббиот академиясининг ўқув базаси), 1926-йил Тошсовет номли физиотерапия касалхонаси; Кўкча даҳасида эпидемиология касалхонаси (ҳозирги 1-Юқумли касалликлар касалхонаси) ишга тушган.

Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва вилоятларида йирик касалхоналар мавжуд. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1-клиник касалхонаси, 15-, 17-шаҳар клиник касалхоналари, тез тиббий ёрдам касалхонаси, шунингдек, 1- ва 2- Тош-ТИ (ўқув базаси)га қарашли касалхоналар фаолият кўрсатади. Мамлакатда 1020 га яқин касалхона бор (2002)[1].

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил