Метрополитен-опера
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |
Метрополитен-опера (Метрополитан Опера) — АҚСҲ нинг етакчи опера театри, опера санъатининг йирик марказларидан. 1883-йилда Ню-Ёркда ташкил этилган. Йирик фирмалар, жамиятлар, шахслар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига фаоли-ят кўрсатади. АҚШда ягона доимий ишлайдиган опера театри (ҳар йили 7 ой давомида фаолият кўрсатади). Фақат хор ва оркестри муқим, етакчи хонанда ва дирижёрлар бутун дунёдан му-айян спектаклга ёки маълум муддатга таклиф этилади. Дастлабки йиллари франсуз ва немис композиторлари (кўпроқ Р. Вагнер) асарлари асосий ўрин олган. 1909-йилда илк бор америка композитори (Ф. Конверс, "Эҳтирос трубкаси") асари саҳналаштирилди. А. Тосканини ишлаган даврида (1908— 15) репертуари италян, франсуз, рус композиторлари асарлари билан бойиган. 1910-йиллардан бошлаб опералар ҳар бир халқнинг ўз она тилида ижро этилмоқда. Турли даврларда "М.-о."да дунёнинг энг машҳур хонанда ва дирижёрлари фаолият кўрсатган. 1950— 72 йил лари театрни Р. Бинг бошқариб, спектаклларнинг саҳнавий ва мусиқий савиясини кўтаришга катта ҳисса қўшган. "М.-о." репертуаридан Европа (Ж. Верди, К. Вебер, Г. Берлиоз, Ж. Визе, Ж. Россини, Ж. Пуччини, Р. Вагнер, П. Чайковский, М. Мусоргский, К. Дебюсси, Р. Штраус, Б. Бриттен, А. Берг ва бошқалар) ва Америка (Д. Тейлор, Л. Грюнберг , Хансон, С. Барбер ва бошқалар) композиторлари асарлари урин олган. Театр қошида "Мин-Мег" камер опера театри ташкил этилган (1973). 1966-йилда Ню-Ёркдаги "Линcолн-cентер" ҳудудидаги янги биноси (меъмор У. К. Ҳаррисон) замонавий ускуналар билан жиҳозланган, зали 3800 ўринли.
Олимжон Беков.[1]
Манбалар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |