Мусиқали филм
Мусиқали филм – кино ва телевидение асари; унда мусиқа асосий ўринни эгаллаб, филмнинг жанри ва драматик қурилишини белгилайди, сюжет ривожланиши, асар ғояси ва қаҳрамонлар ички дунёсини очишга хизмат қилади. 1920-йилларнинг охирида овозли кино билан бир вақтда мусиқали филм ҳам ривожлана бошлади. Ривожланишнинг турли босқичларида мусиқали филмнинг тузилиши ўзгариб борди. Драматургия, мусиқа, вокал, хореография ва ижрочилик санъати синтези турли кўринишларда шакллана бошлади.
Тарихдаги биринчи мусиқали филм АҚШда яратилган. Филм номи Тҳе Жазз Сингер („Жаз хонандаси“) бўлган[1]. Кейинчалик бундай турдаги филмлар Германия („Табассумлар мамлакати“, „Кўршапалак“ ва бошқалар) да яратилган. 1930-йилларга келиб мусиқали филмнинг асосий жанрлари – лирик кинокомедия, филмревю, оперетта, опера, балет шаклланди.
Ўзбекистонда мусиқали филм яратиш 1940-йиллардан бошланди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида яратилган филмларнинг аксариятини филм-консертлар ташкил этди. „Филм-консерт“ (Й. Аъзамов), „Фронтдаги дўстларга“, „Ватан совғаси“ (К. Ёрматов), „Беш республика консерти“ (З. Собитов) ва бошқа шулар жумласидан. „Дойра рақсга чорлайди“, „Мусиқий торларимиз сири“ филм-консертлари, „Дилбарим“ филм-комедияси, „Дилором“ биринчи ўзбек филм-операси, „Жонланган миниатюралар“ („Суҳайл ва Мехри“, Л. Файзиев; М. Левиев) филмбалети ва бошқа филмларда мусиқадан ўринли фойдаланишга, мавзуга ҳамоҳанг экран тилини кашф этишга муваффақ бўлдилар. „Ўзбектелефилм“ да яратилган „Шашмақом“ (Т. Акромов), „Менга қўшиқчизиб бер“ (Л. Иноземсева), „Мен балерина“ (Ш. Маҳбубов) каби филмларда миллий маданиятни, ўзликни англаш, қадриятларни эъзозлаш ва янги ижодий изланишлар кўзга ташланади. Анъанавий ўзбек айтим (вокал) ва чолғу мусиқа санъатини тиклаш ва ривожлантиришни тарғиб қилувчи „Хива вақти билан соат еттида“, „Бойсунда қор эриганда“, „Қалбингда халқ оҳангларини эъзозла“ каби филм-консертлар ўзининг миллийлиги билан ажралиб туради. 1987-йил Ўзбекистон телевидениесида биринчи бор „Тўмарис“ (режиссёр Н. Маҳмудов; У. Мусаев) телебалети қўйилди. „Майсаранинг иши“ (М. Абзалов), „Юлдузимни бер, осмон“ (Ф. Давлецҳин), „Монолог“, „Севги қўшиғи“ (Баҳодир Зокиров), „Меш полвон“ (М. Абзалов) ва бошқа кейинги йиллар яратилган энг яхши мусиқали филмлардир.
Манбалар
[edit | edit source]- ↑ Кенриcк, Жоҳн. „Ҳисторй оф Мусиcал Филм, 1927-30: Ҳоллйwоод Леарнс То Синг“. Мусиcалс101.cом, 2004-йил. Қаралди: 2010-йил 17-май.
Адабиётлар
[edit | edit source]- Аширова, Моҳина. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.