Jump to content

Репрессия

From Vikipediya

Репрессия (лотинча: репрессио – босим, тазйиқ) – давлат органлари қўллайдиган жазо чораси, қатағон қилиш. Асосан, мустабид, тоталитар, мустамлакачи давлат томонидан халққа нисбатан қўлланиладиган жазолаш, қатли ом, қатли нуфус, оммавий тарзда зулм ўтказиш тушунчаларини ифодалайди. Оммавий жазолаш, қийноққа солиш чоралари мустабид давлатларнинг халқни асоратда ушлаш, қўрқитиш, босим ўтказиш қуролидир. Мустамлакачи давлатлар ўзларига тобе ўлкаларда халқнинг норозилигини, ижтимоий-сиёсий, озодлик ҳаракатини бостириш, таг туги билан йўқотиш учун ҳарбий, сиёсий, иқтисодий Репрессия ни қўллаганлиги тарихдан маълум. Мас, чор ҳукумати Туркистонни босиб олган биринчи кундан халқни қўрқитиш ваҳимада ушлаш сиёсатини олиб борди. Дастлаб, истилочи генерал М. Черняев 1865-йил Тошкент мудофаасининг раҳбари Мулла Солиҳбек додхоҳ Тўёқбий ўглини 2 шартномага имзо чекишдан бош тортгани учун 8 нафар шериги билан судсиз, сўроқсиз Томск шаҳрига сургун қилиб, Репрессияни қўллаган эди. Кейин чор ҳукумати 1892-йилги „Вабо қўзғолони“ (Тошкент) даврида ҳам бундай чорани қўллаб, тинч аҳолидан бир қанча кишини отиб ташлади, қўзғолон раҳбарларидан Шарифхўжа қози Пошохўжаев, Инъомхўжа оқсоқол Умархўжаевни сургун қилди. 1898-йил қўзғолони бостирилгач (қаранг Андижон қўзғолони), Мингтепа қишлоғи тўпга тутилиб, аҳолиси қирилди, 22 мингдан ортиқ киши ўлдирилди, сургун қилинди. Шунингдек, 1916-йилги мардикорга олиш жараёнида қўзғолон кўтарган Тошкент, Жиззах аҳолисига нисбатан репрессив чоралар кўрилди. Собиқ шўролар ҳукумати ҳам маҳаллий халқларга қарши Репрессиялар олиб борди. Туркистон мухториятини бостириш, ер ислоҳотини ўтказиш, жамоалаштириш даврида минглаб одамлар қатағонга учради, мол-мулклари тортиб олинди, жуда кўп оилалар Украина, Шимолий Кавказ, Сибирга сургун қилинди. Ўзбекистонда 1928, 1929, 1930-йилларда катта сиёсий жараёнга айланган „Миллий иттиҳодчилар иши“, „Бадриддиновчилар“, „Қосимовчилар“, „Маориф халқ комиссарлиги иши“ каби Репрессиялар ўтказилди. Совет қукумати собиқ юстиция комиссарлигининг „Революсион трибунал“ (1917-йил 19 декабр) инструксияси, Халқ Комиссарлари Советининг „Кизил террор“ (1918Й. 5 сентабр), собиқ СССР МИҚ Президиумининг 1932 ва 1934-йилларда қабул қилган ғайриинсоний қонунлари ва қарорлари ҳамда „СССР прокурорининг директиваси“ (1935-йил 23 январ) асосида миллионлаб кишилар ОГПУ коллегияси, махсус, „учлик“, НКВД – МГБ – МВД нинг махсус кенгаши, ҳарбий суд томонидан гувоҳ, далил, исбоциз қамалди, отилди, сургун қилинди, қўшимча жазо мудсатини ўтамай ватанига кайтиб келишига рухсат берилмади. 1937—38 йилларда жазога тортилган кишиларнинг мол-мулки мусодара қилинди, ҳатто норасида болалари ҳам турли туткингохларда сақланди. Шу йилларда амалга оширилган руҳонийлар, миллатчилар иши баҳонасида талайгина адабиёт, санъат, илмфан ва дин арбоблари Репрессия қилинди. Собиқ ҳукумат бу билан кифояланмай 20-асрнинг 40—50-йилларида таслимчилик, антисоветчилик баҳонасида ўзбек зиёлиларига қарши навбатдаги Репрессияни қўллади. 80-йилларда катта шовшув остида „Пахта иши“ номи билан янги Репрессия бошланиб, минглаб бегуноҳ кишилар қатағонга учради.

Президент И. Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришиши арафасидаёқ шўро тузуми давом эттириб келаётган адолацизликларга барҳам бериш, ҳақиқатни тиклаш, бегуноҳ қатағон қилинганларни оқлаш чораларини кўрди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентнинг Фармойиши (1999-йил 12 май)га мувофиқ мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш жамоатчилик комиссияси, Вазирлар Маҳкамасининг „Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида“ги қарори (1999-йил 22 июл) ва шу қарорга мувофиқ, „Шаҳидлар хотираси“ хайрия жамғармасининг тузилиши ва Тошкентда „Шаҳидлар хотираси“ ёдгорлик мажмуининг барпо этилиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг „Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида“ги фармони (2001-йил 1 май) ва унга биноан „Қатағон қурбонлари хотираси“ музейини ташкил этиш тўғрисида"ги қарор (2001-йил 1 май) Репрессияга учраган халқимиз асл фарзандлари хотирасини тиклаш ишига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Ҳар йили Мустақиллик байрами арафаси – 31-августда Ўзбекистонда қатағон қурбонларини ёд этиш куни нишонланадиган бўлди[1].

Яна қ.

[edit | edit source]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Сирожиддин Аҳмедов. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил