Тўртламчи система
Тўртламчи система (ДАВР), антропоген — Ер геологик тарихининг сўнгги даври; кайнозойнинг неоген устидаги сўнгги (тугалланмаган) системаси. Қуйи чегараси мунозарали. Ёши 1,6 млн. йил (1993-йил геохронология шкаласи бўйича). "Тўртламчи система" терминини 1825-йил франсуз олими Ж. Денуае таклиф этган. Бу даврни ўрганиш ва бўлимларга ажратишда, асосан, биостратиграфик маълумотлар, палеонтологик, литологик, геоморфологик ва бошқа методларга асосланилган. 1932-йил Европа Тўртламчи системани ўрганиш ассоциацияси бу даврни 4 бўлимга ажратишни таклиф этган: қад. (эоплейстоцен), ўрта (мезоплейстоцен), янги (неоплейстоцен) ва ҳозирги (голоцен). Тўртламчи система иқлими умуман совуқ бўлган. Бу даврда ҳозирги мўътадил иқлимли минтақалардаги материкларнинг кўп кисми музлик бн қопланган (шунга кўра, Тўртламчи система музлик даври деб ҳам аталади). Асосан, Евросиё ва Шимолий Американи муз босган. Музликлар қурукликлар юзасининг 30% га яқин қисмини ёки 45 млн. км² майдонни эгаллаган. Айрим жойлардаги муз қатламининг калинлиги 2 км га етган. Кескин совуқиқлим бир неча марта иссиқ иқлим бн алмашиниб турган. Музликлар эриган даврларда қуруқликларнинг айрим қисмларини сув босган. Дунё океани сув ҳажмининг ўзгариб туриши денгиз трансгрессияси ва регрессиясига сабаб бўлган. Йирик регрессиялар вақтида денгизлар қурукликларга айланган. Тўртламчи системада турли тектоник ҳаракатлар бўлиб турган. Музлик бн қопланмаган областларнинг иклими қурукдаша борган. Иқлимнинт ўзгариб туриши ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига таъсир кўрсатган. Иқлим мўътадиллашган даврларда Европада дуб ва дубграб дарахтлари ўсган. Тўртламчи системада музликлар бн крпланган областларда муз ётқизиқлари кенг тарқалган. Музламаган областлар (Шарқий Европа, Ўрта Осиё, Хитой, АҚСҲ ва бошқа ҳудудлар)да денгиз ва кўл ётқизиқлари бн бирга, лёсс ва лёссимон қумоқ тупроқ қатламлари учрайди. Тўртламчи система фаунасининг ҳозирги даврдан асосий фарқи турли ҳайвонларнинг ўзгача географик тарқалганлигида. Бундан ташқари, ўша давр ҳайвонларининг купи қирилиб битган. Тўртламчи системада сут эмизувчилар ўзгарган; мамонт, узун жунли кардикон ва бошқа қутб ҳайвонлари пайдо бўдган. Сибир узун жунли каркидони, бизон, баҳайбат буғу, йирик ғор айиқлари яшаган. Денгиз фаунаси ва ўсимликлари кам ўзгарган. Тўртламчи системадаги энг муҳим воқеалардан бири ибтидоий одамнинг пайдо бўлишидир (А. П. Павловнинг таклифига кўра, Тўртламчи система антропоген системаси деб қам юритилади). 1932-йилда Тўртламчи системани ўрганиш юзасидан Халқаро ассоциация ташкил килинди. Ўзбекистонда Фарғона тоғлараро ва Тошкент тоғ олди ботиқликларида куйи плейстоценда сўх, ўрта плейстоценда — тошкент, юқори плейстоценда — мирзачўл, голоценда — сирдарё; Қашқадарё тоғ олди ботиғида ўша даврларга мое ҳолда — азкамар, қарноб, сукайти, амударё; Сурхондарё ва Афгонистон — Тожикистон тоглараро ботиқларида — кўлоб, иляк, душанба ва амударё мажмуа ётқизиқлари ажратилади. Тўртламчи система ётқизиқлари турли иншоотлар қуриш учун замин ва муҳит хисобланади. Улар табиий қурилиш материаллари (валунлар, шағал, қум, гил, лёсс ва бошқалар) сифатида ишлатилади. Бу давр ётқизикларидан торф бн сапропел ёқилғи ва ўғит ҳисобланади. Тўртламчи система ётқизиқларидан соф туғма металлар (олтин, платина), турли руда минераллари (касситерит, волфрамит, шеелит, монацит ва бошқалар), қимматбаҳо тошлар (олмос, сапфир, ёқут, зумрад) топилган. Ётқизиқларда кўл темир рудалари тўплами, туз қатлами кўп. Тўртламчи система ётқизикларини ўрганиш амалий аҳамиятга эга.[1]
Манбалар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |